You are on page 1of 13

СЕН НАҚАДАР ТОТЛИСАН ИСТИҚЛОЛ!

Истиқол бизга нима берди? Ўзича мустақиллик муддатидан олдинроқ,


чала туғилиб қолди, ошкоралик даври яхши эди дея овозини баралла кўтариб
оламга жар солиб юрганларни Ватанимиз - Ўзбекистонимизнинг энг гўл
одамларидан бири деб билган бўлар эдим! Ундай одамларнинг дўсти
юртимизда қирғин олиб борган ўша Сталин - сталинчилардир, ўша Гдлян-
Ивановчилардир. Ўша манқуртлик, динсизлик тубсиз чоҳ томон етаклаб
бораётган мустамлака сиёсати, халқимизни, юртимизни ўзининг қopa
мафкураси билан тубсиз жар томон, ҳалокат томон етаклаб бораётган давр
дўстларидир, Бизнинг халқимиз, ёшларимизнинг, бахтли келажагимизнинг,
келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг, динимизнинг, урф-одатларимизнинг,
мустақиллигимизнинг дўстлари эмас. Бўрон тўхтаса-да, денгиз дарров
чайқалишдан тўхтамайди. Халқимиз бошида 130 йил хайқириб, унинг боши
узра ўзининг ифлос шамширини туну кун ўйнатиб, гоҳ у томонга, гоҳ бу
томонга улоқтириб чайқалтирган даҳшатли бўрон 1991 йили сўнди, лекин у
машъум бўрон баъзи кимсалар бошини обдан ишдан чиқарган, чоғи, мана, 25
йил - чорак аср вақт ўтганидан сўнг ҳам халқимиз ўз хоҳиш-иродаси билан
буюк ўғлони, марҳум Ислом Каримов бошчилигида танлаган истиқлол
йўлидан чалғитиб яна унинг бошида даҳшатли бўрон - мустамлакачилик
бўрони ўкириб туришини исташда давом этаётирлар. Лекин энди кеч
қолдилар жаноблар.
Халкимиз, юртимиз ўз оёқларида маҳкам туриб олди. Энди Ўзбекистан
нимжон кўчат эмас. Эндиликда илдизлари бақувват улкан. ҳамманинг
ҳавасини келтирадиган, соясига дунёнинг ҳар тарафидан миллионлаб
одамлар роҳат олиш учун интиладиган улуғвор дарахтга айланди. У дарахт
ўзининг қадимий, минг йиллик илдизларига ҳамда у илдизларга туташиб
кетган охирги 25 йил мобайнида ривожланган бақувват илдизларига
таянади... Энди ўзбек халқи, юз йил ўтар, минг йиллар ўтар, лекин ўзи
танлаган йўлидан ҳеч тоймайди. Бу халқнинг бахтига, уни доно, мард
фарзандлари бамаслаҳат бошқариб бормоқдалар...
«Жаҳон адабиёти» журнали ташкил бўлишида «Тафаккур» журналининг,
шахсан Ўзбекистан халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг роли беқиёс.
Журналнинг биринчи бош мухарири ўз пайтида «Тафаккур» журналида бош
муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаб юрганида ушбу yлуғ ишга қўл урилди,
обдан пишириб рўёбга чиқарилди.
Мен марҳум адибимиз профессор Озод Шарафиддинов каби сергайрат
одамни учратмаганман десам муболаға бўлмас. Ўз пайтида устоз Озод
Шарафиддиновни телевизор экранидагина кўрар ҳамда унинг
ватанпарварлик туйғусига лиммо-лим маърузаларини тўйиб-тўйиб тинглар,
унинг лекторлик маҳоратига маҳлиё бўлардим. Устознинг шундай бир
чиқишларидан сўнг у зотга қўнрироқ қилиб, бир масалада фикрларини
сўраган эдим, «Эртага соат фалонда ўзингизда бўлиб турсангиз, олдингизга
ўтиб, бу масалада бафуржа маслаҳатлашиб олмоқчийдим», - дедилар. У зот
айтган пайтда бир зарур учрашувим бўлса-да, дарров рози бўлдим ҳамда
ўзим сизнинг қабулингизга борсам қандоқ бўларкин десам, рози бўлмадилар.
Режадаги ишларимни 6ошқа пайтга кўчириб, домла келар пайтида бинонинг
олтинчи қаватида жойлашган ўз кабинетимда ҳозир бўлиб тургандим, бир
замон денг, қултиқтаёқда Озод Шарафиддинов кириб келаётирлар.
Ҳайратдан лол бўлиб қолдим, чунки мен домла бир оёқдан ажраганлари
ҳақида билмасдим-да. Тилим калимага келмай қолди. Ўтирган жойимдан
сакраб туриб, минг хижолат ва саросима ила домла билан сўрашишга
шошдим...
Шундан сўнг домла билан кўп тадбирларни биргаликда ўтказдик.
«Камолот» жамғармасида, «Шератон» меҳмонхонасининг улкан залида ва
бошқа тадбирларда иштирок этиш учун келган устозни ўзим кутиб олар,
ўзим аравачаларини ғилдиратиб бориб токи машина ўриндиғидан жой
олгунларича кузатиб қўяр эдим. У пайтларда мен газета, журналларга мақола
ёзмас эдим, лекин «Жаҳон адабиёти» журналининг биринчи бош муҳаррири
тарбиясини олиб юрган эканманки, мана, ўша менда устозлар тарбиялаган
туйғулар охирги йилларда қоғозга тўкилмоқда. «Жаҳон адабиёти» журнали
20 йилдан буён ўзига хослиги билан ажралиб турибди. Шуҳрат Ризодек доно,
беминнат, бағрикенг, ватанпарвар, халқпарвар инсон журнал фаолиятини
кўтаринки руҳда олиб бормоқда. Шу ўринда бир гап. Қачон «Тафаккур»
журнали бош муҳаррирининг қабулида бўлсам, унинг иш столида «Жаҳон
адабиёти» журналининг камида ўнта сони устма-уст тахланиб турган бўлади.
Бундай хислатга эга муҳаррирлар юртимизда кам бўлмаса керак. Ёшлар,
раҳбарлар ҳам «Жаҳон адабиёти» халқимизга таратаётган зиё нуридан
бебаҳра эмасликларига имоним комил...
Мен шахсан ўзим ёшлигимдан жаҳонда, жаҳон адиблари қаламига
мансуб халқимиз, юртимиз ҳақидаги мақолаларни, китобларни, ҳикояларни
жону дилим билан ўқирдим. Бошқа халқлар ёшларининг муҳаббат бобидаги
саргузаштлари, хаёти, айниқса, уларнинг юртимиз бўйлаб олиб борган
изланишлари менинг энг севимли мавзуларим эди. Бирор халқ ўзини токи
ўзга халқлар билан солиштира олмас экан, солиштирмас экан, ўзи ҳақидаги
фикри, хулосаси, ўзига берган баҳоси адолатли бўлмайди. Биз «Жаҳон
адабиёти» журналини ўқиб борар эканмиз, ўзимизни 130 йиллик
мустамлакачилик даври мобайнидаги эришган ютуқларимизнию улкан
талафотларимизни яққол кўз олдимизга келтирамиз. Абдулла Қодирий,
Чўлпон, Фитратлар сиймосида берган талафотимиз қай даражада улкан
бўлганини кучлирок сезамиз. Мен журналнинг 20 йиллик тўйи муносабати
билан эътиборингизга истиқлол ва унинг берган имкониятлари ҳақидаги
мақоламни тақдим этмоқчиман.
Борис Полевойнинг “Чин инсон ҳақида қисса”сини тенгқурларим ичида
ўқимагани йўқ, десам янглишмайман. Унинг бош қаҳрамони Алексей
Мересьевнинг ҳарбий самолётини душман уриб туширгач, у узоқ вақт беҳуш
бўлиб ётади. Ҳушига келгач, қор устида судралиб бўлса ҳам, ўзиникиларга
етиб олишга ҳаракат қилган Мересьев ёшгина ўзбек йигитининг қонга
беланиб ётган жасади устидан чиқиб қолади.
Ёзувчи бир оғиз сўз билан ушбу даҳшатли урушда ўзбек халқи ҳам ўз
жигаргўшаларидан айрилганини, не-не ўзбек оналари қайғу ютиб, не-не
сочлари толим-толим келинчаклар бева қолганини ифодалаб ўтади... Менга,
масалан, бутун бир асарнинг мазмуни ҳам, Б. Н. Кампов (Борис
Полевой)нинг ушбу икки оғиз сўзи ҳам теппа-тенг таъсирга эга бўлган.
Ўшанда — ёшлигим нуқтаи назарида биз ўзбекларни ҳамма яхши кўрар эди.
Ҳамманинг яхши кўришидан улуғроқ бахт борми инсон учун. Инсон
кўнглида жуда нозик бир олам яшайди. Бу оламни бир оғиз сўз билан
ўзингизга буткул тобе қилишингиз ёки сизга тобе бўлган кўнгил оламини бир
умрга бой беришингиз ҳам мумкин.
Ўзинг мансуб бўлган халқнинг бирор фарзанди ҳақида эъзозу эҳтиром
ёхуд сийқа назар билан айтилган у ёки бу гап сенга ҳам таъсир кўрсатиши,
эҳтимол, ватанпарварлик туйғусидандир. Узоқ йиллар Ўзбекистондан
ташқаридаги адабиётларни ўқиганда ёки бадиий филмларни кўрганимда
бироз бўлса ҳам Борис Полевойдек адибнинг услубини кўришни жуда-жуда
истар эдим. Песковнинг Тошкент зилзиласига бағишлаган мақоласида
тошкентликлар ҳаёти билан бирга кўпроқ уларга кўрсатилаётган ғамхўрликка
урғу берилган. Ҳарқалай бу яхши мақола эди. Халқимиз табиати, унинг ўзига
хос ҳаёт тарзи ва бағрикенглиги ҳақида 50-, 60-, 70-йилларда айтиб келинган
бундай дил сўзлари ўрнини 80-йиллар бошидан то охиригача давом этган бир
ғайри табиий ”жазава” босиб кетишига сал қолди. Ўшанда бу ”жазава”ни
тўхтатиб қолгувчи куч йўқдай кўринарди. Собиқ иттифоқ марказидаги
манфур кучлар томонидан тўқиб чиқарилган маъшум “пахта иши” –
“ўзбеклар иши” бошланган эди.
Назаримда ўшанда биз ўзбекларни ҳамма ёмон кўрар эди. Ўзбекистон
ҳақида ёзилган сон-саноқсиз мақолалар халқимизни камситишгача бориб
етган эди. Рой Медведев ўзининг бизлар ҳақимиздаги ўша беписанд сўзлари
учун, эҳтимол, муҳтарам адибимиз Одил Ёқубовнинг Москвада ўтган
қурултойдаги машҳур нутқи таъсирида бўлса керак, радио орқали чиқиб
“Янглишибман, узр” деган эди. Аслида унинг матбуотдаги ўзбек халқини
ёмонлаган мақоласи тепалик устига чиқиб олиб оламга жар солгандек акс-
садо берган бўлса, радиодаги “узри” эса қудуқнинг ичига тушиб олиб
сўзлагандек ими-жимида бўлган эди.
Санкт-Петербургда докторлик диссертациямни тайёрлаш кезлари, мен
ҳеч кутмаганимда, ётоқхонамдаги радиокарнайдан Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Одил Ёқубовнинг собиқ иттифоқ халқ депутатлари қурултойидаги нутқи
янграб қолди. Ёзувчилар уюшмамизнинг ўша пайтдаги раиси, атоқли
адибимиз дадил ва аниқ қилиб ўзбек деҳқони, халқнинг ўша йиллардаги
меҳнати, ҳаёт тарзини баралла очиб ташлади. Мен ушбу нутқни радио олдига
бориб, типпа-тик турган ҳолда эшитганман. Бу нутқ менга ўзбек шерининг
ҳайқириқидек эшитилган... 1989 йили докторлик диссертациямни ёқлаб
бўлгач, июн ойларида Тошкентга келганимдаги биринчи зиёратга борган
одамларимдан бири шунинг учун ҳам Одил Ёқубов бўлган эди...
Ўшанда Санкт-Петербургнинг машҳур Физика-техника институти
докторанти эдим. Матбуотда Ўзбекистон ҳақида бирор нарса чиқибди
дейилса ёки кимдир диёримиз ҳақида гап бошласа, суратим хотиржам
кўринса ҳам сийратимда қуюн кўтарилгандек бўларди. Юртимиз ва унинг
фарзандлари, халқимизга нисбатан калондимоғлик билан ёзилган мақола ва
суҳбатлар жон-жонимдан ўтиб кетарди. Ўзбекистон ҳақидаги бизни
ёмонотлиқ қилишни кўзда тутувчи ўша катта-катта мақолалар ёнида, ҳеч
бўлмаса посанги учун ҳам, бирор яхши томонимизни кўрсатувчи кичикроқ
мақола берилмасди... Ахир ўша йиллари ёшларимиз илм оладиган
қимматбаҳо вақтни пахта яккаҳокимлиги ўғирлаётгани, Абдулла Қаҳҳор ўз
вақтида топиб айтганидек, қиз-жувонларимиз гўзаллиги пахта жўякларида
қолиб кетаётгани собиқ иттифоқ марказидаги тўраларга маълум эмасмиди?!
Ахир мен Санкт-Петербург илмхоналарида заҳматкаш бободеҳқонимиз
урган кетмоннинг чанги шарофатидан қувват олиб юрганимни унута
олармидим. Мен ҳам шу халқнинг бир зарраси эдим. У пайтлари хоинлар
ҳам йўқ эмасди. Забардаст олиму адибларимиз ҳам оғиз-қўллари
муҳрлангандек лом-мим дейишмасди. Табиийки, мен илм билан
шуғулланаётган даргоҳда юртимиз бошига тушган бу савдолардан қувонган
ва изтироб чекканлар бўлганди. Қувонганларни ўша йиллари кўп учратар
эдим. Изтироб чекканларни эса кейинчалик профессор бўлиб, ушбу даргоҳга
яна бир борганимда кўрдим.
Ўша маъшум кунларнинг бирида лабораториямизда ишлайдиган Нина
Константиновна исмли ходима мен илмий ҳисоб-китоблар билан машғул
бўлган хонага кириб келди. Қўлида бир газетани тутиб олган, салом йўқ,
алик йўқ — дабдурустдан “Менга қолса, бу ўзбекларнинг барчасини
қаторасига отган бўлардим”, дея ўша газетани силкитиб қўйди. Билмадим,
унда нима ёзилган экан. Нинанинг сўзи жонимдан ўтиб кетди. Нимадир
дейишим керак эди: ҳарҳолда “Ҳой фалончи, бу нарсалар жуда ҳам сиз
ўқиётган мақолалардагидек эмас”, дейишдан бирор фойда йўқ эди. Бу
сўзларни эшитувчи қулоқ, тушунувчи қалб йўқ эди у аёлда. “Шундай денг-а
Нинахон, — дебман аламдан бўғилиб. — Сиз ҳақсиз, айтганингиздай,
ўзбекларнинг ҳаммасини қаторасига отишни менинг онамдан, ака-
укаларимдан, жигарбандларимдан, мендан бошлаб, давом эттираверасиз-да,
энди...” деган эдим, устидан муздек сув қуйгандек, сал ўзига келгандек
бўлди. Довдир - довдир кечиримга ўхшаш гапларни гапириб, келган эшигини
зўрға топиб чиқиб кетди.
Ўша йиллари юртимизга собиқ марказдан ташланган “десант” ҳам айрим
дили сўқир одамларни қувонтирган эди. Бир гал кичикроқ бир йиғинда гап
қуриб қолгандек менга: “Хўш, Мансур, айтчи, ҳозир сизларда қанча
ленинградлик раҳбар ишлаяпти?” — деб сийқаси чиққан ўша мавзу билан
мени мулзам қилмоқчи бўлишди. Бу шунчаки оддий савол эмас, иззат-
нафсимга тегадиган, жуда ҳам тагдор ва ғаламисларча айтилган маломат эди.
“Ҳа, Ўзбекистон — менинг Ватаним. Мен унинг ораларингдаги кичик бир
вакилиман. Мени мулзам қила олмайсизлар!” — деган фикр яшин тезлигида
хаёлимдан ўтди: “Менга маълум бўлишича, Навоий области раҳбари Есин
қандайдир ножўя ишлари учун вазифасидан олиниб, унинг ўрнига
Ленинградан Ефимов юборилган, қолган гаплардан хабарим йўқ”, — деб
жавоб бердим. Бу жавоб уларни шу даражада қаноатлантирдики,
ўтирганларнинг бирортаси токи мен илмий ишимни якунлаб кетгунимча
юртимизни ёмонлаб, бирор гап билан жиғимга тегмайдиган бўлишди.
Бу манзаралар ўзбек халқининг шон-шавкати, иззат-нафси, ғурури учун
курашлар Ўзбекистондан ташқарида ҳам бўлганидан кичик бир нишона, деб
биламан. У пайтларда мен фирқа аъзоси эмасдим. Зиёлиларнинг унга
кириши, Помир чўққисини забт этишдек мураккаб эди. Бир куни илм
даргоҳимизнинг коридорида кетаётсам қаршимдан институт партия қўмитаси
раҳбарларидан бири Волле чиқиб қолди. Тўхтаб мен билан сўрашгач,
дабдурустдан: ”Сизнинг фалон одамингиз у ёқда қандай номаъқулчилик
қилган, ўзи,?!” — деб қолди. Мен ҳам: “Нега бизники бўларкан, у
сизларники-ку!” — дедим. “Қандай қилиб бизники бўлсин!” — дея менга
бақрайиб қараб турган Воллега “Мен фирқа аъзоси эмасман, у эса
коммунистлардан” –деган эдим, кўнгли жойига тушди, шекилли, жим бўлиб
қолди. Мен ўз йўлимда кетавердим...
У йиллар собиқ марказдан туриб элимиз шаънига отилаётган туҳмат
тошларига, узоқдан келаётган иғволарга, ўзбекларнинг меҳмондўстлигини
пора дея талқин этувчи баъзи кимсаларга қарата атоқли шоиримиз Абдулла
Орипов мана бу мисраларни битган мураккаб бир давр эди:

...Мурувват нелигин билмас меҳмоним,


Кўзи оч, еб тўймас, беқуним, гадой.
Пора бўлибдими бир бурда ноним,
Пора бўлибдими бир пиёла чой...
1989 йил. (“Жавоб”, 2-жилд, 151-бет.)

* * *
...Ақча берсанг, оёғингни ялайди булар,
Рост гап ёқмас, ёлғонларни қалайди булар.
Бўш келганда подшосини талайди булар,
Бети қурсин бу жойларга кела кўрма, болам...
1991 йил. (“Гина”, 2-жилд, 177-бет.)

1988 йили “Правда” газетасининг 13 феврал сонида машҳур қирғиз


ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг бутун бир саҳифани эгаллаган —
Ўзбекистон ва ўзбек халқи шаъни улуғлаб ёзилган мақоласи чиқиб қолди.
Унда жумладан мана шундай улуғ сўзлар битилган эди: “...Қадимдан қолган
бир нақл бор ва у тасодифан айтилмаган: ёлғон – барча иллатларнинг
онасидир. Ҳаммаси ёлғондан бошланди ва айниш чўққиларидан бири
Ўзбекистондан чиқди ...
Бу сўзларни айтиш менга осон эмас. Чунки ўзбек халқининг тақдирини ўз
тақдиримдан ажратиб қололмайман. Чорак аср муқаддам,
“Правда”газетасининг ёш мухбири сифатида мен Ўзбекистоннинг ютуқлари
ҳақида, Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши ҳақида, Зарафшон дарёсида геологик
фалокат рўй бериб, қўҳна Самарқанд сел балосига дучор бўлиш хавфи остида
қолганда ўзбекларнинг кўрсатган жасоратлари тўғрисида кўп ёзганман. Ўзим
ҳам тожик-ўзбек меъморчилик санъатининг ноёб обидаси бўлмиш бу
ғаройибшаҳарни қутқаришда иштирок этганман. Ҳеч унутиб бўлмайди у
кунларни. “Пахтанинг ойдин йўли” деб аталган очеркимда эса мен ажойиб
пахтакорлар ҳақида ҳикоя қилганман. Агар Ўзбекистоннинг ҳамма пахтасини
жамул-жам қилиб вагонларга ортиладиган бўлса, Ердан Ойга қадар етадиган
эшелон бўлажаги ҳақида кўнглим ўсиб ҳисоблаб чиққанман. Бунинг сира
муболаға жойи йўқ эди.
Ўзбек меҳнаткашлари мамлакат (собиқ иттифоқ назарда тутилмоқда –
М.Т.) учун қилган ишларни айтаверсак, булар бари бошимизни қуйи эгиб
таъзим қилишга сазовордир. Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга
кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири
билан қиёслаш мумкин.
Советгача бўлган даврларда ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз
ва юзимиз бўлиб келган.
Мана, йиллар ўтди, ошкоралик замони келди. Мана, энди ҳар сафар
матбуот саҳифаларида, Ўзбекистонда очилган кўз кўриб қулоқ эшитмаган
мансабдорлик жиноятлари ҳақида ўқиганда ва улар тилдан-тилга ўтиб достон
бўлиб кетаётганлигини кўрганда, мен жонажон Тошкент кўчаларида,
Зарафшон йўлларида, Мирзачўл ерларида юрганда, атрофимга ҳайрон бўлиб
аланглаб қарайман ва ҳар сафар дилим вайрон бўлиб ўзимга ўзим савол
бераман. Нима бўлди? Қандай маъмурий ҳалокат юз берди? Мен фалокатни
миллий деб атагандан кўра тилимни кесишни афзал кўраман, лекин барибир
у тилимдан чиқиб кетаверади, хўш, қандай фалокат рўй берди, ахир?
Бу заминда қайси ахлоқий ва маънавий асослар емирилиб тушди,
кимлардир олтиндан тоғлар ясамоқчи бўлиб жинояткарона риёларга
интилгандир, аммо нега уларнинг бу қабиҳликлари кам деганда бутун бир
халқнинг фожиасига айланиб кетди, нега? Билмадим, қанчалар тўғри лекин
республикада юзлаб одамлар қамалган ёки ишлари терговда, деб айтишади.
Одатда бундай ҳам одми, ҳам фавқулода ҳолларда миш-мишлар
муболағалардан ҳоли бўлмайди. Лекин андак ҳақиқатга тасаввур қилиб
бўлмайдиган даражадаги обивателларча шов-шувлар қўшилгани тақдирда
ҳам, барибир булар бари халқнинг номус-орига тегади ва худди шу
нарсанинг ўзи бенихоя ачинарли ва тахқиромиздир. Биз Туркистон тоғлари
ва кенг чўлларида бирга яшаймиз, болаликдан қадим тарих ва маданиятга эга
ўзбек халқига хурмат руҳида тарбияланганмиз. Ўзбек халқи ўзининг гўзал
миллий хусусиятлари билан ҳеч қандай шак-шубхасиз барча тан олган
шундай хурматга лойиқ. У битмас-туганмас, ақил бовар қилмас
мехнатсеварлиги, хунарда мохирлиги ва ажойиб тарзда сақланиб қолган ноёб
анъаналари билан шундай хурматга лойиқ. Ана шунинг учун ҳам рўй берган
ўша даҳшатли фактларни эслаш жуда оғир. Мен буни очиқ-ойдин ҳаммага
қарата айтиш лозим, деб ўйлайман. Зотан, фақат ошкораликкина, зотан,
фақат ҳақиқатгина, фақат социал адолат туйғусигина бизни хақиқатга
етказади ва рухимизни қовуштиради.
Йўқ ўзбек халқининг тоза чехрасига ҳеч нарса доғ сололмайди. Албатта, у
ҳозир қийин синовларни бошидан кечирмоқда. Йўқ, мен олтин хокларини
қопчиқларига йиғган, оддий содда дехқонларни кўз кўриб қулоқ эшитмаган
даражада эзиб ишлатган ва шунинг ҳисобига бойлик тўплаган, қўшиб ёзган,
давлатни алдаган одиловларга ачинмайман. Йўқ, мен бир этак боласини
қийнала-қийнала боқаётган шўрлик ўзбек аёлига куяман. Мана нихоят, у тонг
қоронғусида далага отланиб, йўлда мингоёқ-директорини қўлига занжир
солиб олиб кетаётганликларини ўз кўзлари билан кўрди. Унинг орқасидан
йиғлаб, қарғади, лаънат ёғдирди. Кўз ўнгида олов сели қуйилган шафқатсиз
далаларда куйганлари, абгор бўлиб тер тўкканлари бир бир ўтади. Ўша минг
оёқ унинг ҳаққини бир карра эмас, ўн карра, юз карра ўзлаштириб олган эди,
давлатнигина эмас, оддий халқни ҳам алдаган ва чув туширган эди, шу
фарғоналик ўғрибоши. Хотин ўкириб йиғлар ва ўз мехнати эвазига келган
ўғрибошининг унвонлари, нишонлари, турли-туман имтиёзлари, саробга
қурилган шон шухратлари-бари-барини лаънатларди. Аёл бечора йиғлар ва
ўзининг ночор турмиши, ночор уй –жойига ўша сабабчиларни қарғарди.
Чунки, унинг товуқ боққудек ховлиси ҳам қолмаган, пахта даласини уйининг
нақ остонасигача чўзиб келтирган эдилар. Аёл йиғлар ва болларим ўқишдан
қолиб кетди, деб ичи ўртанарди. Болалар йилда олти ой даладан чиқмас,
пахта далаларида қаддиларини кўтармай меҳнат қилар ва улар меҳнати
эвазига одиловлар бутун мамлакатга муддатидан илгари ошиғи билан пахта
планини бажардик, деб бонг урардилар. Аёл йиғлар ва янгича хонлик давр-
давронларини сурган, айтгани айтган, дегани деган янги бойваччаларга муте
ва қарол бўлиб қолган содда тракторчи эрининг қадрига куярди. У аёл йиғлар
ва болахонадор, чучмал сўзлар билан устамон ниқобланган сохта
самимиятларга, сохта ғамхўрликларга лаънат ўқирди. Улар совет
хокимиятига меҳр-муҳаббат ва садоқат ҳақида бонг уриб, аслида шу билан
ниқобланиб, ақил бовар қилмас мунофиқликлар қилган, алдаган, қаллоблик
қилган, халқ ҳисобига бойлик ва шуҳрат ортираётганликларини дабдабали
сўзлар билан пардалаган эдилар. Хотин уларни ана шулар учун лаънатларди.
Шу чин меҳнаткаш ўзбек аёлининг ғазаби ҳам, кўз ёшлари ҳам менга
тушунарли. Унинг шамоллар ялаган чеҳраси буюк санъаткор Сикейроснинг
улуғвор расмларидаги ажойиб қиёфаларга ўхшаб кетади. Уларнинг
нигоҳларига қараб туриб, қалбинг беихтиёр ифтихор билан тўлади, бўғзинга
нимадир тиқилади, кўзингда ёш ғилтиллайди... Қайта қуриш ва ошкоралик
бу захматкаш кишиларни янги ҳаётга қайтариш учун мадад беради, мамлакат
оёққа туради ва ХХ1 аср сари олға қадам ташлайди. Ошкоралик-бизнинг
эркинлик ва омонлик сари бирдан-бир йўлимиздир.
Қайта дунёга келган инқилобнинг қудратли томирларида ошкоралик ва
қайта қуриш дарахти кўкармоқда. Дунё кенгликларида шамоллар эсмоқда,
шитоб тўлқинлари кўтарилмоқда. Эскича фикрлаш тирқишлариданмуздек
елвизераклар ҳам сизмоқда. Бироқ, умир офтоби, тинчлик офтоби жахоннинг
омонлик дарахтига ўз ҳаётбахш нурларини сочмоқда. Зотан, бу эркинлик ва
ақл-идрокнинг абадий идеалларга мансуб азалий маъно ва мақсадларга тўла
жавоб беради. (“Правда” 13 февраль 1988 й)
Шу орада “Литературная газета”да ҳам халқимиз шаънини ҳимоя қилувчи
яна бир адибнинг ўткир мақоласи босилиб чиқди. Унинг муаллифи рус
ўғлони эди. Мақола ёнида ўзбек эр-хотиннинг сурати ҳам берилган эди. У
суратни кўрганимга йигирма йилдан мўл вақт ўтган бўлса ҳам ҳозиргидек кўз
ўнгимда турибди: иккисининг қўлида ҳам кетмон, улар шудгорланган дала
бошида туришибди. Аёл олдинроқда, сал орқада эса паҳлавондек эркак.
Бироқ мухбир шундай ҳаётий лаҳзани суратга муҳрлаган эдики, эркак ўзини
ҳам, аёлини ҳам фитнакор кўзлардан ҳимоя қила олмаётганидан хижолатга
тушганга ўхшаб кетарди.
Мақоланинг мазмунидан шу нарса англашинарди: ўзбек халқи қадим-
қадимдан азалий анъаналарга мувофиқ ички ва ташқи ҳовли қуриб яшаб
келган, ички ҳовли аёллар ва бола-чақа учун алоҳида бир қўрғон бўлган, уйга
келган эркак меҳмонлар ташқи ҳовлида кутиб олинган. Дехқон далага
ишлашга кетса, унинг тушлик овқатини аёли эмас, уйдаги эркак одам, асосан,
ўғли етказиб берган, ўғли йўқлар совуган овқат билан тушлик қилган, чунки
далага аёл кишининг, қиз боланинг ёлғиз бориши катта айб ҳисобланган. Бу
халқ бизлар билан ака-ука тутингач, қозонимиз умумий бўлгач, “Бировнинг
ҳақини еб қўймай, болаларимга бераётган ош-нонимни ҳалолдан
топаётганимга ишонч ҳосил қилай”, — деб хотин-қизларигача далага,
пахтазорга олиб чиқди. Азалий урф-одатларини ҳам ҳалоллик йўлида қурбон
қилди. Бироқ бундай фидойиликка нисбатан эҳтиром ўрнига туҳматларга
қолди. Инсофу адолат ҳам керак...
Дўст оғир кунда билинади, дейди халқимиз. Ўша адолатсизлик авж олган
йилларда бу адибларнинг чиқишлари ҳарна бўлса-да асоссиз оғритилган
иззат-нафсимиз учун бир оз таскин бўлган бўлса ажаб эмас. Бироқ бундай
чиқишларнинг бирортаси истиқлолга эришиш йўлида кўрсатилган саъй-
ҳаракатлар олдида дарёдан томчи ҳам бўлолмаслиги мумкин. Мен ўша
кунлари Ўлжас Сулаймоновдай ва у сингари яна бошқа-бошқа сиймолардан
ҳам садо чиқишини кўп орзиқиб кутгандим. Бироқ у зот ҳам атоқли
шоиримиз Абдулла Ориповнинг “Дийдор бошлаб келди, қани узат қўл!
Ўлжасим, жўлдасим, дўстим, қароғим!” — дея билдирган ишончини оқлай
билмади. Ҳолбуки, унинг обрў-эътибори ҳам Чингиз Айтматовникидан кам
эмас эди...
Русларнинг “Иштаҳа таом келганда очилади”, — деган мақоли бор. Тўқиб
чиқарилган “пахта иши” билан боғлиқ тўкилган кўз ёшлар, камситишлар,
зўравонликлар ҳали ҳам кимларгадир кам кўринган, шекилли, кетма-кет
янгидан-янги иғвогарликлар юз кўрсата бошлади. 1988 йилнинг ёзида бир оз
нафасимни ростлаб, бола чақамни кўриб келай деб Санкт-Петербургдан
Тошкентга келган кунларим. Ўзбекистон телевидениеси биринчи дастурида
Москвадан келган бир мухбирнинг Тошкент област хўжаликларидан
тайёрлаган лавҳасини кўриб ўтирибман. Маълум бўлишича, ушбу колхоз
деҳқонларининг аксариятини месхитин турклари ташкил қиларкан. Мухбир:
“Бу колхозда месхити турклари кўпчилик, колхоз раиси эса ўзбеклардан
экан, бу сизларнинг нафсониятингизга тегмайдими? У сизларни
камситмайдими? Нима ўз миллатдошларингдан раисликка яроқли одам
йўқми”, деган саволларни қаторлаштириб ташлади. Унинг бундай
ғаламисларча берган саволидан юрагим “шиғ” этиб кетганди. Энди ўйлаб
қарасам, бундай миссионер-мухбирлар биттагина бўлмаган кўринади. Буюк
Гёте: “Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ”, деганидек
ўшанда суқилган заққум дарахти кўп ўтмай ўзининг аччиқ мевасини берди...
1989 йил май ойининг охири. Диссертациям ҳимояси 25 майга
белгиланган. Унга саноқли кунлар қолгани учун газета ўқиш, радио
эшитишга вақт бўлмаганди. Профессор Лебедевни қидириб олтинчи қаватга
чиқсам, у хонасида йўқ экан. Бошқа хоналардан бирортасидадир деган хаёл
билан каттароқ бир хона эшигини очганимни биламан, домламдан бошқа
ҳаммани шу ерда кўриб ажабландим. “Бу ерда семинар бўлаётган экан-да”,
— деб эшикни ёпмоқчи бўлганимда мени кўриб қолганлардан бири: “Ана у
— Мансур тушунтириб беради буни бизга”, деб қолди. “Ол-а, Ўзбекистонда
яна бир иш бўлибди-да”, — дея юрагим зирқираб кетди. Улардан: “Нима гап”
деб сўрасам: “Бизга тушунтириб берчи, бу сизларнинг Қувангизда месхетин
турклари билан ўзи нима бўлган?” — деб қолишди. “Ия, роса вақтида
келибман-ку, қани ўша креслони менга беринглар-чи”, — деб унга яхшилаб
жойлашиб олдим. Ҳамма менинг оғзимга қараган. “Биласизларми, нима?
Ўтган йил ёзда, мен Тоашкентда бўлганимда Москвадан борган бир
мухбирннинг маҳаллий телеканалдаги бир кўрсатувини кўрувдим”, дея гап
бошлашим билан ҳаммасининг тарвузи қўлтиғидан тушиб кетди, шекилли,
бир оздан кейин хонада икки кишигина қолибмиз, холос. Аччиқ ҳақиқатга
атиги беш дақиқагина ҳам дош беришлари қийин бўлди... Кейин билсам
Қувада ўша миссионер-мухбирлар суқиб кетган заққум дарахти ўз
“мева”сини берган, натижада қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар атайин
уюштирилган фитнанинг қурбони бўлган экан.
Бўлиб ўтган бу воқеалар илмий ишим ҳимоясига салбий таъсир
кўрсатади, деб ўйлаганлар ҳам бўлди. Улар: ”Ҳимояни кейинроққа сур, яхши
даврлар ҳам келиб қолар”, — дейишди. Лекин ўн-ўн беш йилдан бери Санкт-
Петербург Физика-техника институти тупроғини ялаб юрганим учун мен ўз
хулосаларимга эга эдим. Махсус илмий кенгаш аъзоларининг барчаси оламга
машҳур, ҳаётнинг икир-чикир, иссиқ-совуғини бошидан ўтказган катта
олимлар эди... Ҳимоям юз фоиз овоз билан ижобий якун топди.
Орадан кўп ўтмай халқимизнинг асрий орзуси рўёбга чиқди. Юртимиз,
ватанимиз мустақилликка эришди. Мустақилликнинг шарофатини мамлакат
ичидагина эмас, ундан ташқарида, хусусан атиги икки-уч йилгина аввал
бизга менсишмай қарашган, юртимизга, халқимизга нисбатан турли
иғвогарликлар ўйлаб топилган жойларда ҳам кўриш хайрли эди.
1994 йили татилга чиқиб, хотиним ва кенжа қизим билан Санкт-
Петербургдаги Физика-техника институтига бордим. Бир масала бўйича
профессор А.Рогачевнинг кабинетида суҳбатлашиб ўтирган эдик унинг аёли
кириб “Юр, Саша, тушлик қилиб келайлик”, деб қолди. Шунда машҳур олим:
“Лена, сен ўзинг боравер, биз бугун Мансур билан бирга таом еймиз”, —
деди. Бироз кейин институт буфетига тушиб ҳар ким ўзига ёққан таомлардан
патнисга қўйиб, касса ёнига бордик. Мен ўн йилдан кўпроқ шу институтда
ишлаб одатдаги тартибни билганим учун доимгидек ўзим олган таомлар
ҳақини тўламоқчи бўлаётган эдим А.Рогачев тўхтатди: “Эй, Мансур, сен
меҳмонимсан, мен таклиф қилдим, пулини ҳам ўзим тўлайман”- деб ҳисоб-
китобни ўзи қилди. Бу ҳол мени ғоятда ажаблантирди. Бу воқеада фақат
менга эмас, юртимизга, халқимизга нисбатан буюк олимнинг ҳурмати,
эътибори, яна атиги тўрт-беш йил аввал бўлиб ўтган ишларга муносабати
акс этиб турарди. А.Рогачев 2003 йили оламдан ўтди. У 24 ёшида илмий
кашфиётлари учун ўз даврининг энг юксак мукофоти Ленин мукофоти билан
тақдирланган, 27 ёшида эса мисли кўрилмаган муваффақият билан
тайёрланган номзодлик ҳимояси учун докторлик илмий унвони берилган,
кейинчалик Нобель мукофоти совриндори бўлган Ж.Алферовнинг оппоненти
бўлган машҳур олим эди.
Истиқлолимиздан аввалги йилларда Нина Константиновна каби
ҳамкасабаларимиз бирор зиёфатда ўтирганимизда ҳам нафсониятимизга
тегиш учун атайин олдимизга биз хушламайдиган таомларидан келтириб
қўйишарди. Академик Б.П.Захарченя уйига меҳмонга таклиф этганда эса
аввалгилардан батамом ўзга муносабат ва манзаралар гувоҳи бўлдик. Энди
дўстларимиз бизни ҳам меҳмон қиладиган, олдимизга ўзимиз хуш кўрган
осиёча таомлардан келтириб қўядиган бўлишди. Бундай кезлар одатда
халқимиз: “Қуёш қаёқдан чиқди?”, дейди. Қуёш яна Шарқдан чиққан,
чинакам хақиқат Қуёши бўлиб балқиган, яъни Юртбошимиз айтганидек, биз
тенглар ичида тенг халққа айланган эдик.
Нобел мукофоти лауреати, академик Жорес Алферов ўз машинасида
“Коморова”даги дала-ҳовлисига олиб бориб меҳмон қилганида ҳам нақадар
катта иззат-иккромга лойиқ кўрилганимиздан бошимиз осмонга етди. Ж.
Алферовнинг устози бўлган академик Владимир Тучкевичнинг уйида
меҳмонда бўлганимизда эса халқимизга, мамлакатимизга нисбатан бундан-да
катта хайрихоҳликларни эшитиб ва кўриб кўзларимизга ишонмадик. Машҳур
академик адмирал қўшниси ва унинг аёли даврасидаги суҳбатимизда:
“Сизларни — халқингизни, Республикангизни ноҳақ ҳақорат қилишди,
айбсиз ўкситишди...” — деди мардларча тан олиб. Унинг сўзини адмирал ҳам
маъқуллаб ўтирар эди. Ўз даврининг барча юксак мукофотларига сазовор
бўлиб, катта амаллару катта доираларда юрган улуғ олимнинг бундай сўзни
айтиши бежиз эмасди. Буюк одамлар иғволарга асло ишонишмаган.
Бироқ бундай эътирофларнинг юзага чиқиши учун, энг аввало,
халқимизнинг истиқлоли зарур экан. Мустақиллика эришганимиздан
сўнггина, жаҳон узра Ўзбекистон байроғи сарбаланд ҳилпирай
бошлагачгина, бизнинг — соҳибқирон Амир Темур авлодларининг азми
қатъий эканлигига ишонч ҳосил қилишди. Ишонч ҳосил қилганлари билан
уларнинг кўнгиллари туб-тубида “Кўп катта кетаверманглар, ҳали кўрамиз”,
дейдиганлар ҳам йўқ эмасди, албатта. Буни истиқлол арафасидаги ва ундан
кейинги дастлабки йиллар рўй-рост кўрсатгани кечагидек эсимизда.
Баъзилар айтганидек, биз ўз истиқлолимизга осонликча эришганимиз йўқ
эди. Мамлакатимиз Раҳбари Ислом Каримовнинг истиқлолимиз арафасидаги
ўша долғали йилларда собиқ иттифоқ раҳбарияти билан республиканинг ўз
ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, нечоғлик катта жасорат ва фидойилик
кўрсатганлари эндиликда тарих мулкига айланди. Бундай талаблар
истиқлолдан олдинги йилларда Мурунтов олтин конларини Ўзбекистоннинг
ўз тасарруфига олиш учун собиқ иттифоқ бош вазири Николай Рижков билан
бўлиб ўтган кескин баҳс-мунозара ва тортишувлардан ҳам маълум. Ўша
мунозара чоғи Н. Рижковнинг: “Агар ўз талабларингизда шундай қатьий
турадиган бўлсаларингиз, биз у ердаги техника ва технология
воситаларимизни олиб чиіиб кетамиз”, деган қўрс пўписасига жавобан Ислом
Абдуғаниевич: “У ҳолда биз оддий лопатка-белкурак билан ҳам
қазийверамиз олтинни”, деб жавоб қайтаради. Николай Рижков: “Сизларда
лопатка ҳам йўқ, униям Россиядан оласизлар-ку”, дейди. Юртбошимиз:
“Керак бўлса — қўлларимиз билан, тирноқларимиз билан ҳам қазиб оламиз
олтинимизни”, деб кескин жавоб беради ва собиқ иттифоқнинг бош
вазирини мот қилади.
Истиқлол йилларида халқимиз ўзлигини таниди, шавкатли аждодлари
руҳини шод этиб, уларнинг ҳурматини жойига қўйди, топталган миллий
қадариятларини тиклади. Мурунтовда янги-янги олтин саралаш корхоналари,
Қарши ва Бухоро чўлларида эса йирик нефт ва газ тозалаш мажмуалари
барпо этилди. Мамлакат ғалла ва нефт мустақиллигига эришди. Поёнсиз
саҳролару юксак тоғлар оша озод мамлакат истиқболига хизмат қилувчи янги
темир йўл ва автотрассаларимиз қурилиб фойдаланишга топширилди.
Мустақил тараққиёт халқимизнинг қаддини кўтариб, унинг жаҳон
кўламидаги нуфузи, обрў-эътиборини оширди. Собиқ иттифоқ кўламидаги
узилиб қолган дўстлик ва қардошлигимиз ришталари тикланиб бормоқда.
Халқларимизнинг ўзаро борди-келдилари, илм-фан, маданият ва санъат
ҳамда ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларидаги ўзаро тенг ҳамкорлик
самарали ривож топиб бораётир.
Куни кеча қалбимга яқин ёшларимиздан бирининг ёзган иншосига кўзим
тушиб қолди. Шу ўринда ушбу иншо сўзларини келтириб ўтишликни
ўринлик деб топдим:
Ер юзида беватан одам йўқдир. Ватансиз бўлишдан ўзи асрасин. Ватани
бор бўла туриб жаҳон бўйлаб бош кўтариб юраолмаётганлар озмунчами!?
Ҳар қандай юртнинг ёшлари, келажак авлоди ўз юртининг ўтмишдаги ва
ҳозирги даврдаги олиб бораётган хаёт тарзи учун у ёки бу кўринишда
ўзлигини маъсулдек сезишади. Инсон гўзалликнинг фарқига борган кунидан
бошлаб одамийликка, яхши ёмоннинг фарқига борган кунидан бошлаб
доноликка қадам қўяди. Шу нуқтаии назардан ватанга бўлган муҳаббат,
садоқат; у билан ғурурланиш маълум даражада инсон қалбининг энг нозик
ерларида асралган бўлишлиги ва ўта кучли ва асосли эътиқодга суянган
бўлишлиги шартдир.
Ватанга бўлган муҳаббат ватандошларим қонига сингиб кетган.У жуда
ҳам тинчликсевар. Тинчликсевар чунки болажондир. Болажон, чунки
ўзининг келажагига, ватанининг буюк келажагига ишонади. Чунки у ўз ён
атрофидаги қўшни халқлар билан яхши қўшничилик муносабатларни ушлаб
туриш учун барча имконияти, бор ёки йўқ чораларни кўради; Оналар ва
болалар устида ғамҳўр; Ёшларининг келажаги устида мисли кўрилмаган
даражада қайғуради: замонавий уй-жойлар, йўллар, кўприклар, касалхоналар,
мактаб, лицей, колеж, институт, университетлар қуради.
Жаҳоннинг бирор бир мамлакатида миллатлар бизнинг
мамлакатдагичалик иттифоқ, бир ёқадан бош чиқариб муроса билан яшамаса
керак, бунга айниқса кўп миллатли кундан кунга чиройига чирой қўшилиб
бораётган пойтахтимиз - буюк Тошкент мисолдир. Барча миллатлар бизда
бир бири билан иттифоқ, бир бирига меҳрибон, чунки улар бир бирининг
ютиғига қувонишади; қайғу кунлари биргаликда қайғуришади; камчилигини
кечиришади; биргаликда меҳнат қилишади, ўйнаб кулишади ва хордиқ
чиқаришади.
Ватанга муҳаббат бўлишлиги учун аввалам бор кишида ватан туйғуси
шаклланган бўлиши керак.
Ватан туйғуси кишида ўз халқи тарихини ўрганиш жараёнида, ота-онаси,
яқинлари, муаллимлари берган ва бераётган таълим-тарбия жараёнида,
мунтазам равишда ўқиб бораётган китоблар ва айлана-атрофдан босма,
кўргазмали ёки оғзаки ахборат олиниши жараёнида шакилланиб боради.
Она Ватаним – Ўзбекистоним. У минглаб йиллик тарихига эга.
Амир Темур бобомиз даврида у ўз даври учун ўктамликда тенги йўқ
бўлиб оламга номи таралган. Ўғлонларининг ақл кўзи ўткирлигидан ернинг
орқа тамонини ҳаммадан олдин кўра билган, осмондаги юлдузларни
саноғини ҳаммадан олдин аниқ қилиб ола билган. Шоирлари шер панжасига
панжа урган. Бутун оламга ҳисоб китобдан биринчилар қаторида дарс берган,
дори дармонлар бўйича сабоғи етиб бормаган ўлка қолмаган.
Шундай буюк халқ, буюк юрт 130 йил давомида ўзга халқларга қарам бўлиб
қолганида ҳам, кўплаб хунрезликларни бошидан ўтказганида ҳам, эртами
кечми ўз мустақиллигини яна қайта олишлиги йўлида бир зум ҳам курашини
тўхтатмаган. Ушбу йўлда минг минглаб қурбонлар бериб, қурбонлар сонини
камайтириш ва асрий орзуси бўлган олий мақсади мустақиллика эришиш
учун кураш услубларини ўзгартириб борган ва қулай фурсатдан ўз вақтида
фойдалана биладиган фарзандларини тарбиялай олган. Бундай қулай фурсат,
халқимиз узоқ машаққатли йиллар давомида орзу қилиб келган фурсат
ниҳоят 1991 йили етиб келди. Халқимизнинг бахтига, олий бахтига ушбу
фурсатни тезлаштира оладиган ва ундан ўз вақтида фойдалана била оладиган
мард ўғлони, мард йўлбошчиси Ислом Абдуғаниевич Каримов бутун
маъсулиятни ўз гарданига олган холда бутун жаҳонни ларзага келтирган
тантановор охангда бундан 20 йил муқаддам 1991 йилнинг 31 августида
Ўзбекистонни шу кундан эътиборан мустақил деб эълон қиламан ва бундан
буёнига ҳар йили 1 сентябрида юртимиз мустақиллиги куни байрам қилиб
нишонланади дея дўстларниям душманларниям лол қолдирди.
Бизларни 130 йил у ёки бу кўринишдаги мустамлакаси сифатида ушлаб
турган давлат ўзининг октябр революциясидан 20 йил ўтгач барча халқларига
шу жумладан Ўзбекистон халқига мисли кўрилмаган очарчиликлар,
қахатчиликлар, қимматчиликларни келтирди; репрессия дея аталмиш
қирғинларда миллионлаб одамларини шу жумладан халқимизнинг Абдулла
Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Авлоний каби минглаб буюк фарзандларини минг
азобларга солди, ўлдирди. Уларнинг барчаси қачонлардир халқнинг мард
ўғлони ватанни озод этажагини билишар эди ва ким экан у бахтли ўғлон дея
оламдан кўз юмишган эди... 1937 йил қирғини ва қахатчилиги кетидан
бошланган урушда ушбу қирғинлар бошқа кўринишда давом этдирилди.
Ватаним, мен сен билан ғурурланаман! Сен 20 йиллик мустақиллик
йилларида мисли кўрилмаган ютуқларга эришдинг. Транспорт муаммоси йўқ
бўлди. Бу одамлар умрига бир неча йил умир қўшиб берди. Дори дармонлар
муаммоси йўқ бўлди; Гиламдек ўз вақтидаги тансиқ буюм ҳар қадамда
харидорга зор; Бозорлар, дўконлар пештахталари серобгарчиликдан синай
дейди; ўз пайтида анқони уруғи бўлган гўшт ва гўшт махсулотларидан сероб
нарсани ўзи йўқ. Халқимизчалик кийинишда, уй жой қуришда, ободончилик
ишларида диди юқори халқ оламда йўқлиги мана энди билинди.
Ёшларимизни илмга бўлган ташналигини қондириш учун минглаб мактаб,
лицей, колеж, олий мактаблар хизматга бел боғлаб турибди. Севишганлар
юртимиз кўчалари ва хиёбонлари хуснига хусн қўшишмоқда. Уларнинг
тўйларини ўтказиш учун оламни ҳар қандай меъморларини лол қолдирадиган
даражадаги меъморчилик санъати билан қурилган минглаб тўйхоналар
хизматга тайёр.
Биз ёшлар учун айниқса барча йўллар очиқ. Бир пайтлардаги
олимларимизга нисбатан имкониятларимиз каттароқ, улар кашф қилолмаган
кашфиётларни оча оламиз; Бир пайтлардаги талаба ва аспирантларга
нисбатан ўқиш ва ётоқ хоналаримиз ёруғроқ. Улар эриша олмаган
билимларга биз эриша оламиз. Бир пайтлардаги халқимиз фарзандларига
нисбатан тилимиз бийронроқ. Барча халқларни лол қолдириб уларнинг
тилида барча жабҳаларда бийрон гаплаша оламиз. Ватан! Сен менинг
ғуруримсан! Мен ҳам сенинг ғуруринг бўлишликка астойидил
интилмоқдаман! Биз, сенинг азиз фарзандларинг интилмоқдамиз!
* **
“Аллоҳ олти кунда бутун оламни яратиб шундан бир кунини меҳрни
яратишга сарфлаган”, — деган ривоят бор. Меҳр кетса иттифоқлик бузилади.
Буни халқлар ўртасидаги буюк меҳру оқибатнинг қадрига ета билмаган собиқ
иттифоқнинг парчаланиши мисолида ҳам яққол кўрдик. Оламда мендан
буюги йўқ, дея калондимоғлик билан юрган тўралар давлати аввал мард ва
танти халқимиз меҳридан ажради. Кейин эса ноҳақ айбситилган ва миллий
қатағонлар қурбони бўлган халқларнинг қарғишига учраб, парчаланиб кетди.
Оламни гўзаллик қутқаради, деган ҳикматли гап бор. Менинг эса оламни
меҳр ушлаб туради, ҳар бир эзгу ишга меҳр бош бўлади, дегим келади.

Ўзбекистон мустақиллик даври маънавияти ривожида


“Жаҳон адабиёти” журналининг ўрни ва аҳамияти, мақолалар тўплами,
Тошкент, “Академнашр”, 2017 йил, 299-312 саҳифалар

You might also like